2004 йилда собиқ Андижон вилояти ҳокими, 11 йил мобайнида вилоятни бошқарган Қобилжон Обидовдан «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони «номаълум сабабларга кўра» қайтариб олинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев фармонига асосан унга мазкур унвон ҳамда «Олтин юлдуз» медали қайтариб берилди.
Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Режаббоев ўз лавозимидан озод килинди. Аввалроқ, у туман ободонлаштириш ходимларини ўзининг участкасида ишлатгани айтилган эди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар экспортга ички бозорга нисбатан 30−40 фоиз арзонроққа сотилган, дея таъкидлади президент. Унинг сўзларига кўра, келгусида рақобат муҳитининг шаклланиши, Тошкент, Наманган ва Жиззах вилоятларида янги заводлар қурилиши натижасида автозавод ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишига тўғри келади.
Aндижон вилояти аҳолисининг жамоат транспорти хизматидан фойдаланиш қамровини ошириш мақсадида хусусий компания томонидан 70 дона Zhongtong автобус сотиб олинади.
Андижонда вилоят ҳокими қабулига кира олмаган 17 кишидан иборат гуруҳ ҳокимият яқинидаги автомобиль йўлини тўсиб қўйди. Жиноят ишлари бўйича шаҳар суди қарори билан уларнинг 11 нафари 15 суткагача муддатга қамалди, қолганлар жаримага тортилди.
Андижонлик фуқаро ярим йил давомида гўштини истеъмол қилиш учун ўз уйида итларни ўлдириб келгани аниқланди. Унга нисбатан ит ва мушукларни сақлаш қоидаларини бузиш ҳамда жониворлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш тўғрисидаги моддалар асосида маъмурий баённома тузилди.
Андижон шаҳар депутати Жаҳонгир Жиянов ИИБ ходимлари фуқаронинг қўлини синдиргани ҳақида хабар берди. Бош прокуратура Андижон шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини маълум қилди. ИИВ матбуот котиби эса фуқарога ИИБ ходимлари томонидан жароҳат етказилганини рад этди. Хабар берилишича, фуқаро эрталаб тез тиббий ёрдам бўлимига ИИО ходимлари тан жароҳати етказганлиги бўйича мурожаат этган. Ҳозирда фуқаро жароҳатни қаерда олганлиги бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган, гўё ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизининг тўйида олинганлиги тасвирланган фото ва видео лавҳаларга муносабат билдирди. Ҳокимликнинг сўзларига кўра, чиндан ҳам вилоят ҳокими қизининг тўйи бўлган, аммо тармоқларда тарқалган аксарият фотосуратлар ҳокимга алоқадор эмас.
Дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган Aндижон шаҳар халқ кенгашининг депутати Шуҳрат Каримов қамоққа олинди. У таъсис этган компания мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш очилди. Унинг ҳамкасби Жаҳонгир Жиянов буни «депутатларга очиқдан-очиқ босим» деб атади.
Aндижонда Spark автомашинаси ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг тўхташ ҳақидаги талабига бўйсунмади ва уни капот устида 50−60 метрча судраб кетди. Ҳуқуқбузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг таъкидлашича, президентнинг Андижон вилоятига ташрифи олдидан йўллар бўйлаб экилган буталар «қайтариб олинган». Вилоят ҳокимлиги ободонлаштириш ишлари давомида буталарни вақтинча салқин жойга кўчирганликлари ҳақида хабар берди. «Газета.uz»нинг аниқлашича, Шавкат Мирзиёев ташрифидан бир неча кун олдин Ободонлаштириш бошқармаси 50 минг катарантус гуллари ҳамда 180 дан ортиқ дарахт ва буталарни сотиб олган.
Шавкат Мирзиёев Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази ҳамда Андижон туманидаги «Андижон гуллар боғи»ни бориб кўрди. «Бундай боғларни ҳар бир туманда ташкил этиб, аёлларга гул етиштиришни ўргатиш керак. Бу орқали «аёллар дафтари»га кирган хотин-қизларни ишли, даромадли қилиш мумкин», — деди давлат раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 1 мартдан бошлаб Андижон шаҳри таркибида «Янги Андижон» тумани ташкил этилишини маълум қилди. «Янги Андижонда „Дамас“ бўлмайди. У ерда ер усти ёки ер ости метросини қуриш бўйича ҳисоб-китоблар қилинади. Маъқулини қурамиз», — деди давлат раҳбари. Янги Андижон лойиҳасининг коммуникация тармоқларини қуришни бошлаш учун 100 млн доллар ажратилади.
Андижон вилоятида 2021−2022 йилларда жами 19,8 трлн сўм, яъни 1,8 млрд долларлик 584 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида иқтисодий комплексда ишловчи 5700 нафар ходимнинг барчаси ишдан бўшатилишини маълум қилди. «Уларга 3 ой синов муддати берилади, агар аравани торта олса, ишга тикланади, ойлигини ҳам берамиз, керак бўлса мукофот ҳам берамиз», — дея қўшимча қилади президент.
Шавкат Мирзиёев Андижонлик тадбиркор аёл, Умида Усмоновани «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлади. Шунингдек, унга «Микрокредитбанк» томонидан 5 млрд сўм фоизсиз кредит ажратилиши бўйича топшириқ берилди. Президент тадбиркор аёл билан 17 июнь куни Урганжи маҳалласида учрашиб, уни мукофотлашини айтган эди.
Шавкат Мирзиёев таъкидлашига кўра, Андижон вилоятида маҳаллаларнинг аксарияти ўзининг «ўсиш нуқта"ларини аниқлаб олган бўлишига қарамай, 100 та маҳалла ҳалигача ўз ихтисослашув йўлини топмаган. 200 та маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун 400 млрд сўм (ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўмдан) ресурс ажратилиши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди. Давлат раҳбари Қурбонали Ўринбоев хонадонида бўлди. Мазкур хонадон эгасининг онаси Санобар ая Ўринбоева президентни дуо қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги инновацион иссихона ва «Рустамжон Замин ривожи» фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди. Давлат раҳбари «ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга чиқариш чораларини кўриш кераклигини ва шунда фермернинг ҳам, ишчиларининг ҳам даромади ошишини» таъкидлади. «Янада кўпроқ ишчи жойлар, маҳаллаларда шароитлар қилишимиз керак. Ислоҳотларнинг кучи — маҳаллада», — деди у.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти Избоскан туманидаги маҳсулотлари 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган тикув-трикотаж корхонаси билан танишди. Фабрикада 830 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. «Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади», — деди давлат рахбари.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг